XX аср ўзбек ва тожик адабиётларига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб, олим ва жамоат арбоби Садриддин Айний моҳир олим, тарихчи ва адабиётшунос сифатида ўзбек ва тожик адабиёти тарихи юзасидан катта илмий-тадқиқот ишларини олиб борган. Адиб Ўзбекистон Фанлар академиясининг фахрий аъзоси ҳамда Тожикистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси қилиб сайланган.
Таржимаи ҳол
РаскрытьВатан олдидаги унутилмас хизматлари инобатга олиниб, унга 2001 йилда унга «Буюк хизматлари учун» ордени берилган.
XX аср ўзбек ва тожик адабиётларига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб, олим ва жамоат арбоби Садриддин Айний 1878 йилнинг 15 апрелида Бухоро амирлигига қарашли Ғиждувон туманининг Соктаре қишлоғида дунёга келган.
Олти ёшидан мактабга қатнай бошлаган Садриддин 1890 йилда Бухорога келиб, Мир Араб, Бадалбек, Олимхон мадрасаларида таълим олган. Мадрасани тугатгач, янги усул мактабларида муаллимлик қилган.
1917 йил Февраль инқилобидан кейин Ўрта Осиёнинг турли шаҳарларида истиқлол учун кураш ҳаракатлари бошланиб кетди. Садриддин Айний амирликка қарши ҳаракатларда қатнашгани учун зиндонга ташланди.
С. Айний моҳир олим, тарихчи ва адабиётшунос сифатида ўзбек ва тожик адабиёти тарихи юзасидан катта илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Унинг Ўрта осиёлик буюк шоир ва олимлар - Рудакий, Саъдий, ибн Сино, Васфий, Бедил, Алишер Навоий, Аҳмад Дониш каби сиймолар ҳақида ёзган илмий асарлари ниҳоятда қимматли. Ана шундай салмоқли тадқиқотлари учун унга филология фанлари доктори илмий даражаси берилган.
Адиб Ўзбекистон Фанлар академиясининг фахрий аъзоси ҳамда Тожикистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси қилиб сайланган. Бир неча йиллар давомида Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат дорилфунунининг профессори ва Тожикистон Фанлар академияси ташкил топган кундан бошлабоқ унинг президенти сифатида хизмат қилган.
Садриддин Айний 1954 йилнинг 15 июлида Душанбе шаҳрида вафот этган. Не бахтки, адиб вафотидан кейин ярим аср ўтган бўлса ҳам, Ватан олдидаги унутилмас хизматлари инобатга олиниб, 2001 йилда унга «Буюк хизматлари учун» ордени берилди.
Садриддин Айний ХХ асрнинг буюк ва такрорланмас ёзувчисидир. Унинг ҳаёт ва ижод йўли XIX асрнинг охирги чораги ва ХХ асрнинг биринчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий ва адабий жараёнларнинг ғоятда мураккаб ва долғали ўзанларида кечди. Йигирма йилга яқин мадраса таълимини олган, амирлик тузумининг ҳамда кейинги ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни ич-ичидан билган.
Баъзан қатағонликлар ва камситишларга учраган бу улкан адиб ўз асарларида халқ ҳаётини бутун мураккабликлари билан бадиий тасвирлаш орқали тарих ва даврни ўзига хос бирлаштириб, ХХ асрнинг аввалида шакллана бошлаган янги адабиётнинг асосчиларидан бири, йирик адабий сиймо сифатида бўй кўрсата олди.
Садриддин Айний ҳаётлигидаёқ Ғарб ва Шарқ мамлакатларида танилган ҳамда чехиялик доктор Иржи Бечка, олмониялик доктор Манфред Лоренц, эронлик профессор Сайид Нафисий, афғонистонлик адиб Сарвари Гўё, россиялик профессор Александр Болдыревлар ҳам, машҳур дарғаларимиз Ғафур Ғулом, Ойбек, Комил Яшин, Мирзо Турсунзода ва Зулфияхонимлар ҳам устод Айний деб ардоқлаган ва эътироф этган улуғ сиймо эди.
Вафотидан кейин (1954) бу сиймонинг эътибори, қолдирган илмий-адабий меросининг қадр-қиймати янада кўркамроқ ва салмоқлироқ тарзда қадрлана бошлади.
1962 йили Осиё ва Африка ёзувчиларининг Қоҳирада ўтказилган анжуманида устод Айний ҳиндистонлик Робиндранат Тагор, хитойлик Лу Син, қоҳиралик Тоҳо Ҳусайн қаторида Шарқнинг мумтоз адиби деб эълон қилинди.
1978 йилда эса устод Айний таваллудининг 100 йиллиги ЮНЕСКО қарори билан кенг нишонланди. Мустақиллик даврида Ватанимизнинг улкан мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
ХХ аср адабиёти ва илмининг ардоқли сиймоларидан бири бўлган устод Айнийнинг олижаноб шахсий фазилати, бой илмий-адабий мероси мумтоз адабиёт ва маданият тарихини синчиклаб холисона ўрганишда, XXI аср кишиларини, келажаги порлоқ Ўзбекистоннинг баркамол ёшларини ватанпарварлик, халқсеварлик ва фидойилик, ҳалоллик пок эътиқодлилик руҳида тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшадиган умрбоқий маънавий-илмий бойлигимиздир.
Айнийнинг жами илми дониши, бутун борлиғи Бухородан келиб чиқади. Унинг ижод равнақи, гулшани ҳам Бухородан. Бухоро унга илму адаб ўргатди.
Жалол Икромий
Айний “Судхўрнинг ўлими” номли асарида Бухоро амирлиги давридаги воқеаларни тасвирлайди. Бу асарда ёзувчи бошқача жанрга мурожаат қилади. “Дохунда”, “Қуллар” ва “Етим” асарларидаги айрим воқеаларни тасвирлаганда учрайдиган юмор ва сатира элементлари “Судхўрнинг ўлими” повестида биринчи планга қўйилади. Бу асарда ёзувчи мукаммал сатирик образлар яратади. Қори Ишкамба образи кўп жиҳатдан рус классик адабиёти образларини, Пушкин асаридаги Барон ёки Гоголь асаридаги Плюшкин образларини эслатади. Бу асарда адиб психологик тасвирнинг ажойиб намунасини кўрсатган.
Абдулла Қаҳҳор
Садриддин Айний кўҳна-классик адабиётни яхши ва атрофлича билади. Унинг асарларида мағиз бор. Киши ўқиса зерикмайди, асарларини ўқиган сари кишини ўзига тортади.
Абдулла Қодирий
Шарқ адабиётининг билимдони бу донишманд оғамизни кўрар эканмиз, ҳар қайсимиз унинг замондоши бўлганимиздек ғоят мамнун бўлардик, фахрланардик. Садриддин Айний ўзининг узлуксиз ва унумли меҳнати билан барчамизга ўрнак эди. Айний янги тожик адабиётининг асосчиси бўлиши шарафига эга бўлди ва шунинг ила барча замонавий ўзбек адабиёти тараққиётида ҳам катта мавқе эгаллади.
Ойбек
Айний Шарқ маданиятини эгаллаган зўр билимдон, шарқ маданиятининг энг яхши томонларининг тарғиботчиси эди. Айни пайтда, у Ғарб маданиятини ҳам ўзлаштириб олишга улгурди.
Альфред Курелла
Айний фақат Шарққа хос талант, Бухоро тупроғида туғилиши мумкин бўлган буюк истеъдод. Айний адиб ва инсон, мутафаккир аллома, курашчи ва мураббий сифатида халқ ҳаёти ва руҳиятининг тиниқ кўзгуси, халқ портретидир.
Очил Тоғаев
Айнийнинг шеърлари, повесть, романлари, бир забардаст олим, академик сифатида ёзган илмий тадқиқот асарлари, хусусан ҳар икки оғайни халқ – тожик ва ўзбекларнинг адабиёт тарихларини, тарихий адабий бисотларини равшанлантириб беришда қилган хизматлари каттакон бир хазинадир. Ғафур Ғулом
...Айний манераси жуда содда, сиртдан қараганда хотиржам, ошиқмайди. Аммо китобхон Шарқимизнинг кекса донишманди Айний қахрамонларида шунчалик ҳаққоний ғазаб, зўр эҳтирослар билан намоён бўлганини пайқайди. Халқни тарих тўлқинида кўрсатиш Садриддин Айнийнинг севимли ракурсидир. Халқ жуда содда ва ажойиб одамлар тимсолида берилади.
Айний золимлар, фанатиклар, қаллобларнинг эски дунёси, “Бухорои шариф” билан узил-кесил, шафқатсизлик билан хисоб-китоб қилди. Унинг айбномаларини рад этиб бўлмайди...
Айнийнинг ажойиб нарсалари – катта ва кичик асарлари кўп, мен китобхонларни унинг ғоят ажойиб сатирик повести – “Судхўрнинг ўлими” билан танишиб чиқишга қизғин давъат этмоқчиман. Унда бениҳоя кучли ижтимоий заряд бор. Унда сатирикнинг Бухоро Гобсекини жуда яхши тасаввур этиш имконини берадиган улкан, буюк маҳоратини кўрамиз.
Чингиз Айтматов
Фаолияти
Садриддин Айнийнинг адабий фаолияти ўтган асрнинг 90-йилларида шеър ёзиш билан бошланган. Унинг биринчи асари «Гули сурх» («Қизил гул») 1897 йили яратилган. Шундан сўнг мактаблар учун «Таҳсиб ус-сиёбон» («Болалар тарбияси» 1909) номли ўқиш китобини тузиб, нашр эттирган.
У Октябр тўнтаришидан кейин ўзбек ва тожик тилларида даъваткор шеърлар, маршлар яратиб, уларни «Инқилоб учқунлари» (1923) тўпламида нашр этди.
Ёзувчи «Бухоро жаллодлари» (1922) қиссасида амир амалдорларининг даҳшатли жабр-зулмини, гуноҳсиз кишиларнинг қатл этилишларини, «Одина» (1927) қиссасида эса меҳнаткаш халқнинг оғир қисмати ва фожиали ҳаётини жонли тасвирлаб берди.
С. Айнийнинг дастлабки «Дохунда» романи 1929-1930 йилларда яратилган бўлиб, унда маърифатга интилган ёш тоғли йигитнинг ҳаёт йўли умумлашгандир. Кейинги «Қуллар» романи 1934 йилда Тошкентда ўзбек тилида, 1935 йилда эса Душанбеда тожик тилида нашр қилинди.
«Қуллар» романининг бош қаҳрамони тарихни ҳаракатга келтирувчи куч халқ ва унинг содиқ фарзандларидир, деган хулосага етаклайди.
С. Айнийнинг «Судхўрнинг ўлими» (1937) қиссасидаги бош қаҳрамон Қори Ишкамба жаҳон адабиётидаги Плюшкин ва Гобсек каби мумтоз образлар билан бир қаторда туради. Иккинчи жаҳон уруши йилларида С. Айний «Марши интиқом», «Муқанна қўзғолони», «Темур Малик» каби ватанпарварлик руҳидаги илмий ва бадиий асарларини яратди. У халқ ижодидан, фольклор асарларидан кенг фойдаланган ҳодца «Етти бошли дев» асарини ёзди.
С. Айнийнинг урушдан кейинги тикланиш йилларида яратган асарлари орасида тўрт жилдлик «Эсдаликлар»и (1949-1954) алоҳида ажралиб туради. С. Айнийнинг «Эсдаликлар», «Судхўрнинг ўлими» қиссалари, шунингдек, «Дохунда» ва «Қуллар» романлари болгар, немис, поляк, венгер, хитой, француз, румин, ҳинд, чех ва бошқа тилларга таржима қилинган.
«Эсдаликлар» (таржимаи ҳол асари), «Таҳсибус - сибён» («Пок бола»), «Ёшлар тарбияси» (1909) дарслиги, «Буxоро жаллодлари» (1922), «Одина» (1924), «Қулбобо ёки икки озод» (1928), «Етим» (1940), «Судxўрнинг ўлими» (1939), «Эски мактаб» (1935) каби киссалар, «Доxунда» (1930), «Қуллар» (1934) каби романлар, «Тожик адабиётидан намуналар» (1926), «Қиз бола ёки Холида» (1924), «Алишер Навоий», «Устод Рўдакий» каби илмий тадқиқотлари ва бошқалар.<div align="center"></div>