XXI асрда ҳам инсоният тарихидаги энг машҳур ўн аллома рўйхати тузиладиган бўлса, албатта, унга имом ал-Бухорий ва Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий номлари киритилади. Чунки уларнинг асарлари неча юз йиллардан бери мусулмон оламида илм ва таълим-тарбия дарслиги сифатида ўқитиб келинади. Бу икки зот асарлари Қуръони карим ва пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳадислари бутун инсоният учун яратилган беқиёс маънавий бойлик эканлигини, бу бойлик абадул-абад туганмаслигини кўрсатиб беради.
Улар ўз асарлари билангина эмас, ўрталаридаги устоз-шогирдлик муносабатлари билан ҳам асрлар давомида ибрат бўлиб келади. Имом ал-Бухорий шогирди имом ат-Термизийнинг улуғ аллома эканлигини эътирофлаб: "Сен мендан баҳра топганингдан кўра, мен сендан кўпроқ баҳра топдим" деган бўлса, имом ал-Бухорий вафот этганларида имом ат-Термизий йиғлайверганидан кўзлари бир неча йил кўрмай қолган. Устоз-шогирднинг бундай муносабати уларнинг комил инсон бўлганидан далолат беради. Шайхул Ислом Абу Исмоил ал-Ажорий: "Менинг учун Термизийнинг китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқдир. Чунки Бухорий ва Муслимдан фақат теран илмли мутахассис олимларгина истифода этади. Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин" дейдики, бу имом ал-Бухорийнинг имом ат-Термизий ҳақидаги эътирофида чуқур асос борлигини аён этади. Аллома Тошкўпрулизода Имом ат-Термизийнинг "Ал-жомиъ-ас-саҳиҳ" ("Сунан") китоби ҳадис илми соҳасидаги барча асарлар орасида фойдаси энг кўпи, тартиби энг ихчами, такрори энг озидир" деб таъкидлайди. Ибнул Имод ал-Ҳанбалий "Шузурот-уз-заҳаб" китобида Имом ат-Термизийга: "Ақронларидан (тенгдош), яқинларидан устун, ҳифз (хотира) ва итқон (устуворлик ва мустаҳкамлик) бобида бир мўъжиза эди" деб таъриф беради. Ҳадис бобида тасниф этилган кутуби ситта (олти улуғ китоб)нинг учинчиси деб эътироф этиладиган "Сунани Термизий" ҳақида муаллифнинг ўзи: "Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда худди пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам гапираётгандек бўлур..." дейди.
MUNDARIJA
Muqaddima
O’zbekcha nashrning xususiyatlari
Abu Iso Muhammad at-Termiziyning tarjimai hollari
Abu Iso Muhammad at-Termiziy kitobining uch xususiyati
Hadislarning qabul qilinishi va rad etilishi jihatdan turlarga bo‘linishi