Editor & Composer: Наим Каримов (Нашрга тайерловчи масъул мухаррир )
ХХ асрнинг 30-йилларида, айниқса, машъум оммавий қатағон пайтида юрак-бағри бутун ёзувчи, санъаткор, арбоб, олим, омилкор қолмади ҳисоби. Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Шайхзодани қамамадилар. Лекин уларни шунчалик хор-зор қилдиларки инсон зоти бундай руҳий-маънавий азобларга тоб бериши амри маҳол эди. 1937 йилнинг 31 августидан 5 сентаябргача Ойбек учун дўзах азобидан қийин кунлар бўлди. Шу кунларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси пленумида ёзувчининг сиёсий фаолияти, ижтимоий-маънавий қиёфаси масаласи ўртага қўйилди. Ойбекни миллатчидан олиб миллатчига солишди, нари олиб бориб бери олиб келишди. Ойбек ўзи билмаган, етти ухлаб тушига кирмаган «гуноҳларини» ўзгалар оғзидан эшитиб ҳангу манг бўлди. Бундай вазиятда инсон ўзини ҳимоя қилолмайди, туҳматларни бўйнига олишдан ўзга йўли қолмайди. Пленум қарори бўйича «Ойбек Ёзувчилар союзи аъзолигидан ўчирилди, Тил ва адабиёт институтидан ҳайдалди» («ЎзАС», 2005, 21 январь).Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, профессор Зарифа Саидносирова уйда Ойбекнинг шахсий котибаси ва хонадон соҳибаси эди. Ойбекнинг кейинги ўн йил ичида яратган роману қиссаларини, достону шеърларини, мақолаларини Зарифахоним унинг имо-ишораларидан, кўз қарашларидан, қўл ҳаракатларидан сезиб қоғозга туширганди.
Вафо ва садоқат тимсоли бўлган Моҳларойим Фарғона хони шоир Амир Умархоннинг умр йўлдоши, беназир маслаҳатчиси, шеърият осмонида чақнаган юлдуз Нодирабегим эди.
Қозоқнинг тенгсиз шоири Абайнинг севгилиси сулув Айгерим (ўзбекчада Ойкарам) ҳамиша илҳом париси бўлиб, уни ижодга ундарди. Айгеримнинг ҳусну малоҳатидан, пурмаъно сўзларидан, ноз-карашмаларидан шеър тўкиларди. Абай табиатнинг бу ноёб мўъжизаси олдида ҳайрону лол бўлиб, қалами учига шеър қуйилиб келаётганини сезмай қоларди.
Адабиётимиз хазинасига мумтоз асарлар қолдирган, халқнинг фахри, ғурури бўлган Ойбекка бутун меҳрини, муҳаббатини бағишлаган, ўзлигидан, роҳат-фароғатдан кечиб устозимизга ижод имкониятларини яратиб берган Зарифахоним ўша Сароймулкхонимнинг, ўша Моҳларойимларнинг, ўша Айгеримларнинг бири эди.
Шуъла. Ойбек домла ҳақида Саид Аҳмаднинг ёдномаларидан